Ижтимоий тармоқларда пойтахт метрополитени вагонларидан бирида тасвирга олинган видео тарқалди. Унда бир қизалоқ йўловчилардан пул сўраб, уларга ёпишиб, оёқларидан ушлаб олаётгани акс этган.
Ички ишлар вазирлигининг транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган текширув натижасида, мазкур 8 ёшли қизалоқ Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи 26 ёшли аёлнинг қизи экани аниқланди. Она билан профилактик суҳбат ўтказилди.
Аёлнинг маълум қилишича, у 11 апрель куни Чилонзор йўналишидаги «Олмазор» бекатидан «Буюк Ипак Йўли» бекатигача бориш учун поезга чиққан ва у билан бирга вояга етмаган қизи ҳам бўлган.
Она сўзларига кўра, у қўлидаги чақалоқ билан банд бўлган вақтда, қизи йўловчилар олдига бориб пул сўраган, айрим ҳолларда эса пул берилмаганида одамларнинг оёқларидан ушлаб, тиланчилик қилган.
Аёл бундай ҳолатларга келгусида йўл қўймасликка ва фарзанди тарбияси ҳамда таълимига кўпроқ эътибор қаратишга ваъда берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси 1-қисмига (болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик) асосан аёлга 2 БҲМ миқдорида жарима тайинланди.
Изоҳ