Илиқ кунлар кириб келиши билан варрак учириш оммалашмоқда. Бироқ, таъкидланишича, аэропортлар яқинида бу каби дам олиш тури парвозлар хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
"Варраклар баландга кўтарилиши ва самолётларнинг учиш ва қўниш йўлларига тушиб қолиши мумкин. Бу самолёт билан тўқнашиш, техникага шикаст етиши ва фавқулодда ҳолатлар юзага келиши хавфини туғдиради. Бундан ташқари, мустаҳкам ёки кучайтирилган иплар ҳаво кемалари ускуналарига зарар етказиши ёки двигателларга тушиб қолиши мумкин", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 17-моддасига мувофиқ, парвозлар хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай фаолият, жумладан ҳаво кемалари ва бортдаги одамлар хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳаракатлар тақиқланади. Аэродром яқинида варрак учириш ҳам шундай хавфли фаолият қаторига киради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 116²-моддасига кўра, ҳаво ҳудудига рухсатсиз фойдаланиш БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга қамоққа олишга сабаб бўлади. Авиатсия ҳодисаси ёки фалокат юз берганда эса, оддий шўхлик жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.
«Агар авиация ҳодисаси ёки фавқулодда вазият юз берса, оддий ҳазил ҳам жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин. Аҳоли ва меҳмонлардан чекловларга тушуниш билан қараш ва аэропортдан узоқ, хавфсиз жойларни танлаш сўралади», — дейилади Uzbekistan Airports баёнотида.
Изоҳ