Онлайн кредит (микроқарз) беришда фирибгарлик ҳолатлари натижасида фойдаланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш тартиби белгиланди.
Агар фирибгарлар фуқарога микроқарз расмийлаштирган бўлса, у ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилиши керак.
Аризага асосан терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилади. Агар ушбу даврда онлайн кредит фирибгарлар томонидан расмийлаштирилганлиги аниқланса, фуқарони жабрланувчи деб топиш тўғрисидаги суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими онлайн кредит расмийлаштирилган ахборот тизими эгаси бўлган кредит ташкилотига юборилади.
Фуқаро жабрланувчи деб топилганлиги тўғрисидаги ҳужжат келиб тушган кундан эътиборан кредит ташкилоти мазкур онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизлар, неустойка, жарималарни ҳисоблашни, шунингдек уларни жабрланувчи деб топилган шахсдан ундиришни тўхтатади.
Агар кредит ташкилоти томонидан жабрланувчидан микроқарз ва у билан боғлиқ бошқа тўловлар бўйича суммалар ундирилган бўлса, ушбу суммалар суднинг ҳал қилув қарори ёки ажрими асосида кредит ташкилоти томонидан жабрланувчининг банк картасига ёхуд у кўрсатган ҳисобвараққа қайтарилади.
Бундай тўловлар суднинг ҳал қилув қарори ёки ажрими қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўн беш кун ичида амалга оширилади.
Агар кредит ташкилоти фирибгарлик фактининг мавжудлигига шубҳа қилса, у ҳолатлар ва далилларни такроран текшириш масаласи бўйича терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ҳаракатлари ёки суд қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.
Агар натижалар бўйича фирибгарлик содир этилмаганлиги аниқланса, кредит ташкилоти онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизлар, неустойка, жарималар ҳисоблашни, шунингдек уларни илгари жабрланувчи деб топилган шахсдан ундиришни давом эттиради.
Кредит ташкилоти фирибгарлик содир этган шахсдан моддий зарарни регресс тартибида ундириш мақсадида:
- дастлабки терговда ва судда фуқаровий даъвогар сифатида иштирок этади;
- иш бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилиниши лозим бўлган шахс аниқланганда, ундан ўз фойдасига моддий зарарни ундириш тўғрисида талаблар қўяди.
Изоҳ