Баҳорнинг дастлабки ҳафталарида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида марокаш чигирткаси пайдо бўлгани кузатилди. Соҳа мутахассислари зараркунандага қарши кураш чораларини зудлик билан бошлади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Чигирткага қарши кураш инспекцияси маълумотига кўра, мавсум бошидан буён 3 641 гектар майдонда кимёвий ишлов берилган, кузатув ишлари эса 22 минг гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олган. Жорий йилда 651,8 минг гектар ерда ишлов бериш режалаштирилган.
Ишларга 53 та юқори самарали дорилаш автомобиллари, 194 та пуркагичли трактор, 1000 дан ортиқ мотопомпали пуркагичлар, 25 та сув етказиб бериш транспорти ҳамда 66 та мотоцикл жалб этилган. Ёқилғи-мойлаш материаллари ва кимёвий воситалар захираси етарли миқдорда тайёрланган.
Барча вилоятларда штаблар, туманларда эса тезкор гуруҳлар ташкил этилган. Ҳашаротларга қарши кураш ва назорат ишларини сутка давомида амалга ошириш учун 700 га яқин мутахассис сафарбар этилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда чигиртканинг қарийб 200 тури мавжуд бўлиб, ҳар йили уларнинг 6–8 тури билан кураш олиб борилади.
Фуқаролардан чигиртка тарқалиши ҳолатлари ҳақида 1288 ёки 71 202 10 00 рақамлари орқали хабар бериш сўралди. Кимёвий ишловлар бепул амалга оширилмоқда.
Изоҳ