Ўзбекистонда интернетсиз мобил алоқа тариф режалари пайдо бўлиши мумкин. Тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Қайд этилишича, лойиҳа мобил алоқа тариф режалари таклифларини аҳолининг турли қатламлари эҳтиёжлари ва истакларига мослаштиришга қаратилган.
Ҳозирги вақтда мобил алоқа хизматларини кўрсатишда интернет-трафиксиз, яъни фақат дақиқалар ва SMS-хабарлардан иборат тариф режалари мавжуд эмас. Бу эса аҳолининг айрим тоифалари учун ортиқча харажатларни келтириб чиқаради ва уларнинг танлаш имкониятини чеклайди.
"Масалан, кўпчилик қариялар интернетга эҳтиёж сезмай, интернет трафикли тарифларга уланишга мажбур бўлмоқда. Бундан ташқари, баъзи ота-оналар вояга етмаган фарзандларини зарарли ахборот контентидан ҳимоя қилиш учун интернетсиз тарифларни афзал кўришади, аммо уларнинг бу борадаги танлови чекланган," - дея тушунтирди Адлия вазирлиги.
Шу муносабат билан вазирлик томонидан мобил алоқа операторларида интернет-трафиксиз тариф режалари мажбурий бўлишини назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқилди.
Лойиҳа муҳокамаси 15 апрелга қадар давом этади.
Изоҳ