• 12 210 сўм
    19.29
  • 14 171 сўм
    -132.44
  • 158 сўм
    0.05
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 210 сўм
    19.29
  • 14 171 сўм
    -132.44
  • 158 сўм
    0.05
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Шаҳар Бугун, 14:10

Тошкентнинг Бош режасига $16,2 млрдлик қўшимча инвестиция лойиҳалари киритилди

Тошкент шаҳрида турар жой мажмуалари, бизнес марказлари, меҳмонхоналар ва жамоат объектлари қурилишини назарда тутувчи 31 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунда ҳудудларнинг камида 30 фоизи яшил ҳудудларга ажратилади.

371
0
uznews.uz

Ҳукуматнинг 28 февралдаги қарори билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режасига янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ҳужжатга кўра, хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан 2311,4 гектар ер участкаларида умумий қиймати 16,2 млрд доллардан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бунинг натижасида ҳар йили қўшимча равишда:

• 1,5 млрд долларлик ялпи ҳудудий маҳсулот,
• 3,5 трлн сўм солиқ тушумлари,
• 260 мингта янги иш ўрни.

Ушбу лойиҳалар қуйидагиларни қуришни назарда тутади:

• турар-жой мажмуалари;
• бизнес марказлари;
• савдо марказлари;
• меҳмонхоналар (жумладан, 5 юлдузли);
• жамоат ва ижтимоий объектлар;
• "Янги авлод" саноат зонасидаги объектлар.

Янги объектлар Бектемир, Миробод, Сергели, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яшнобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Янгиҳаёт ва Юнусобод туманларида қурилиши режалаштирилган.

Масалан, энг йирик лойиҳалар қуйидагилардир:

• Бектемир туманида 150 гектар майдонда замонавий турар жой мажмуаси, маиший хизмат ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш - қиймати $3 млрд;

• "Янги авлод" саноат зонасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш - 1,6 млрд доллар;

• Учтепа туманида 37 гектар майдонда замонавий турар жой мажмуаси, маиший хизмат кўрсатиш бинолари, меҳмонхона ва ижтимоий объектлар қуриш - қиймати $1,4 млрд;

• Сергели туманидаги 44,7 гектар майдондаги турар-жой мажмуаси ва хизмат кўрсатиш объектлари - қиймати $1,34 млрд;

• Олмазор туманида 58 гектар майдонда замонавий бизнес ва савдо маркази қурилиши - қиймати $1,26 млрд;

• 58 гектар майдондаги Bektemir City лойиҳаси - қиймати $1,2 млрд.

Шунингдек, Чилонзор туманида Topino Lamborghini Residences бренди остида премиум тоифали апартаментлар, беш юлдузли меҳмонхона ва бизнес маркази қурилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, уларни амалга оширишда камида 30 фоиз яшил ҳудудларни яратишни, шунингдек, эскирган бинолар бўлган ҳудудларни комплекс янгилашни ва 1 гектаргача бўлган майдонларда кичик ва зич қурилишлардан воз кечишни назарда тутувчи комплекс қурилиш тамойили қўлланилади.

Шунингдек, танланган ер участкаларида инфратузилма тўловлари ва бошқа ажратмалар ҳисобидан умумий майдони 139,6 гектар бўлган 9 та янги жамоат паркларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, улар кейинчалик муҳофаза зонаси (консервация) мақомига ўтказилади.

Икки ой муддатда ҳудудларнинг архитектура-шаҳарсозлик ечимлари, техник-иқтисодий кўрсаткичлари, муҳандислик инфратузилмаси ва ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда бош режаларини ишлаб чиқиш топширилди. Улар Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги Минтақавий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши томонидан кўриб чиқилгандан сўнг шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланади.

Барча инвестиция лойиҳаларидан сотиладиган кўчмас мулк ҳажмига қараб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини барпо этиш харажатларини қисман қоплаш учун инфратузилма йиғими ундирилади.

Миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мослаштирилиши ҳамда экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган халқаро ва хорижий норматив-техник ҳужжатлардан фойдаланишга рухсат этилади.

Бинолар, иншоотлар ва ишлаб чиқариш объектларини лойиҳалаштиришда табиий газ ва энергия тежовчи технологиялар ўрнига муқобил ёқилғи турларидан фойдаланиш назарда тутилиши керак.

371
0

Изоҳ