Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга мурожаат қилиб, минтақадаги вазият кескинлашгани сабабли Яқин Шарқ мамлакатларига сафарларни вақтинча кечиктиришни тавсия қилди.
Қайд этилишича, Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви, шунингдек, бир қатор давлатлар томонидан ҳаво ҳудудидан фойдаланишга киритилган вақтинчалик чекловлар туфайли халқаро авиақатновларда жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Натижада турли мамлакатларнинг кўплаб фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари рейсларнинг бекор қилиниши ёки кечиктирилиши, транзит йўналишларининг ёпилиши ва бошқа ташкилий муаммолар туфайли қийинчиликларга дуч келмоқда.
"Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Яқин Шарққа режалаштирилган зиёрат, ишбилармонлик, сайёҳлик ва бошқа сафарларни вазият барқарорлашгунга қадар вақтинча кечиктириш тавсия этилади," - дейилади хабарда.
Хориждаги ватандошлар хотиржамлик ва ҳушёрликни сақлаш, одамлар гавжум жойларга бормаслик, маҳаллий қонунларга қатъий риоя қилиш, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан доимий алоқада бўлишга чақирилди.
Барча фуқаролар саёҳатларни режалаштиришда эҳтиёт бўлишлари ва расмий манбалар томонидан эълон қилинган маълумотларга амал қилишлари керак.
Изоҳ