Ички ишлар органи ходимини сўнгги йўлга кузатиш маросимида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, хизматдошлари, яқинлари ҳамда ҳудуд аҳолиси иштирок этди. Марҳум хотирасига ҳурмат рамзи сифатида мотам салюти берилди. Ички ишлар вазирлигида унинг қасамёдга садоқати, хизмат бурчига фидойилиги ва шахсий жасорати алоҳида қайд этилди.
Ҳосилбек Эшназаров 1993 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. У 2022 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган эди. Ундан уч нафар фарзанд қолди.
Аввал нима содир бўлган эди
Фожиа 25 февраль куни соат тахминан 21:46 да Тошкент шаҳри марказида содир бўлди. Тергов маълумотларига кўра, 2010 йилда туғилган 10-синф ўқувчиси ҳайдовчилик гувоҳномасисиз BMW M4 автомобилини бошқариб, хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспекторини уриб юборган.
Ходим шифохонага ётқизилиб, уч кун давомида шифокорлар назорати остида бўлган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Тергов давомида аниқланишича, вояга етмаган шахс аввал ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасиз автомобил бошқариш ва йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилган.
Ушбу BMW M4 автомобил эгаси ҳам аввал бир неча марта ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган шахсларга бошқарувни топширгани ва ЙҲҚни бузгани учун жавобгарликка тортилгани маълум қилинди.
Ҳозирда гумонланувчи қўлга олинган. Унинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг янада оғир моддаларига қайта малакаланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, иш Бош прокуратуранинг алоҳида назоратига олинган.
Изоҳ