Адлия вазирлиги ноқонуний автопойгаларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш учун жавобгарлик чораларини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, умумий фойдаланишдаги йўлларда ноқонуний пойгалар йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлиги ва жамоат тартибига жиддий таҳдид солиб, ўта салбий оқибатларга, ҳатто одамлар ўлимига олиб келмоқда. Бу эса аҳоли, жумладан, йўл ҳаракати қатнашчилари орасида норозилик ва хавотир уйғотмоқда.
Шуни инобатга олган ҳолда, Адлия вазирлиги йўлларда ноқонуний пойгалар ташкил этиш оқибатида юзага келадиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилди.
"Белгиланган келишиш тартиб-таомилларидан ўтгач, у жамоатчилик муҳокамасига қўйилади," - дея қўшимча қилди вазирлик.
Изоҳ