Ўтган йилнинг июнь ойида Жиззах вилоятининг Зомин туманида икки ёшли бола бедарак йўқолгани ҳақида хабар берган эдик. Орадан икки ҳафта ўтиб, унинг тан жароҳати олган жасади Зомин тумани Ўриклисой қишлоғидаги турар жойлардан 1,5 км узоқликдаги тоғ сўқмоғидан топилган эди.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида болани автомобиль уриб кетгани маълум бўлди. Ҳайдовчи автомашинасида орқага юриб, болани пайқамай қолган. Боланинг жонсиз танасини кўриб, уйининг ҳовлисига олиб кирган ва дарахт тагида қолдирган.
Мазкур ҳолат Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судида кўриб чиқилди, деб хабар беради Олий суд матбуот хизмати.
Ҳукмга кўра, "Зомин" санаторийсида фельдшер бўлиб ишлаган 31 ёшли О.Т. қуйидаги жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган:
• ЖКнинг 117-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш),
• ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми "а" банди (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш).
Суд ҳукми билан О.Т.га 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил-колонияда ўташ белгиланди.
Изоҳ