2026 йил FIFA президенти Жанни Инфантино ташкилот раҳбари сифатида фаолият бошлаганига 10 йил тўлди. Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов FIFA президенти раҳбарлигида ўтган ўн йиллик фаолиятни йодга олиб, ушбу даврда жаҳон футболида амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этди. Бу ҳақда ЎФА Матбуот хизмати хабар берди.
"Сўнгги ўн йил давомида Жанни Инфантино раҳбарлигида FIFA футболни чин маънода глобал даражага олиб чиқди. Ушбу давр Ўзбекистон учун ҳам янги имкониятлар даври бўлди. FIFA Forward дастури орқали юртимизда тўртта янги машғулот майдони барпо этилди, стадион инфратузилмаси реконструкция қилиниб, футболимиз ривожи учун мустаҳкам пойдевор яратилди.
Шунингдек, FIFA футзал бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш халқаро турнирларни энг юқори савияда ташкил этиш борасида мамлакатимиз учун муҳим тажриба бўлди. Энг муҳими, Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонининг 48 тага кенгайтирилиши Ўзбекистондаги 38 миллиондан ортиқ инсонларнинг орзусини рўёбга чиқарди ва бутун халқимизни ягона мақсад атрофида бирлаштирди," — дея таъкидлади Равшан Ирматов.
Маълумот учун, Жанни Инфантино 2016 йил 26 февраль куни FIFA президенти лавозимига сайланган бўлиб, ташкилот тарихидаги тўққизинчи президент ҳисобланади.
Изоҳ