Жорий йилнинг 10 февраль куни Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи фуқаро туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилди. Унинг маълум қилишича, бир эркак ўзининг таниши бўлган аёлнинг номаълум эркак билан жинсий алоқада бўлган видеотасвирларини телефонига сақлаб келаётганини айтиб, ушбу видеоларни ижтимоий тармоқлар орқали яқин қариндошлари ва танишларига тарқатиш, обрўсизлантириш билан қўрқитаётган. Шу орқали у видеотасвирларни ўчириш ва тарқатмаслик эвазига товламачилик йўли билан 6000 АҚШ доллари талаб қилган. Аввалдан эса 3000 АҚШ долларини беришни сўраган.
Мазкур мурожаат асосида Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати, Жиноят-қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси, шунингдек, Денов тумани ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида ариза муаллифига холислар иштирокида талаб қилинган 3000 АҚШ доллари ўрнига 1000 АҚШ доллари ва 18 миллион сўм миқдоридаги пул воситаларига кимёвий ишлов берилди. Фуқаро кўрсатмасига асосан ушбу маблағлар белгиланган манзилга озиқ-овқат маконларидан бирида қолдирилди.
Пул маблағларини олиш учун келган шахс тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 11 февраль куни Денов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ушбу шахсга нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айни вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ