Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Британиянинг “Civil Service College (CSC)” нодавлат таълим муассасаси вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Унда давлат хизмати соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.
Мулоқот давомида томонлар биргаликда таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва тренинглар ташкил этиш, онлайн ва гибрид ўқув платформаларини яратиш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, экспертлар алмашиш ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон шаҳар ва туманлари ҳокимлари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш, давлат хизмати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш ва қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
“Civil Service College” 1970 йилда Британия ҳукумати ҳузуридаги миллий мактаб сифатида ташкил этилган бўлиб, давлат хизматчилари тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ихтисослашган муассаса ҳисобланади. 2012 йилдан бошлаб коллеж мустақил таълим маркази сифатида фаолият юритиб, замонавий ўқув дастурлари ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиб келмоқда.
Изоҳ