Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Spark автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, унда интернет тармоғидаги наркодўконга хизмат қилувчи 1993, 1994 ва 1995 йилларда туғилган, пойтахтлик 3 нафар фуқаро кетаётганлиги аниқланиб, улардан 37 дона "Тропикамид" ҳамда таркибида прегабалин кучли таъсир қилувчи модда сақлаган 124 дона капсула ашёвий далил сифатида олинди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, интернет наркодўконнинг "закладчик"лари бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган 2 нафар шахс ҳам ушланди ва улар томонидан "закладка" тарзида қўйилган пойтахтнинг турли ҳудудларидаги хуфия жойлардан жами 1186 дона "Прегабалин" ва 125 дона "Тропикамид" олинди.
Аниқланишича, улар кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Сергели туманида фаолият юритаётган нарколабораториядан олган бўлиб, давом эттирилган тезкор тадбирда ушбу манзил холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, унда 1987, 1993, 1995 ва 2000 йилларда туғилган 4 нафар шахс кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаётганликлари маълум бўлди. Мазкур хонадондан 5130 дона "Прегабалин" капсулалари ва 10 кг "Прегабалин" моддаси, 75 дона флаконда "Тропикамид" ва 6 кг "Тропикамид" моддаси, шунингдек, жами 60 минг дона бўш капсула ва флаконлар, лаборатория жиҳозлари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ушбу оғуфурушларга нисбатан ЖКнинг 251-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилди.
Изоҳ