Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари заргарлик буюмларини ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқишга бўлган бир нечта уриниш ҳолатларини аниқлади.
Биринчи ҳолатда, фуқаронинг Тошкент - Олмаота йўналиши бўйича рейсидаги юклари рентген аппарати ёрдамида текширилганда, жомадон ичида металл асосга ёпиштирилган сариқ рангли тасма кўринишидаги металл буюмлар борлиги аниқланган.
Йўловчи юкни танишидан олганини ва унда заргарлик буюмлари борлигини билмаганини айтган. Уларнинг тахминий оғирлиги 350 граммни, тахминий қиймати 549 миллион сўмни ташкил этди.
Яна бир ҳолатда Истанбулдан келган ва "яшил йўлак"дан ўтаётган йўловчи контактсиз ускуна ёрдамида текширилганда унинг ички кийимлари ва пайпоқларидан умумий оғирлиги тахминан 710 грамм ва тахминий қиймати 833 млн сўм бўлган заргарлик буюмлари топилган.
Туркиядан келган яна бир йўловчи ҳам оғирлиги 803 грамм, нархи 907 млн сўм бўлган тақинчоқларни шимининг чўнтагига ва пайпоғига яшириб олиб ўтмоқчи бўлган.
Олиб қўйилган барча заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 1 863 граммни, тахминий қиймати 2,289 млрд сўмни ташкил этди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Изоҳ