Тошкентдаги бозорларнинг бирида ҳайдовчи ва бир нечта шахслар ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати маълумот берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 9 февраль куни Учтепа тумани, Юсуф Саккокий маҳалласи ҳудудида, 2001 йилда туғилган Isuzu юк автомашинаси ҳайдовчиси Н.А. (йўловчиси 2005 йилда туғилган Х.Н.) ҳамда фуқаролар, 1993 йилда туғилган С.С., 1990 йилда туғилган О.С., 2006 йилда туғилган С.А. ва 2008 йилда туғилган А.А. тортишиб қолганлиги ва томонлар ўзаро жанжаллашиб кетганлиги аниқланган. Жанжал вақтида юк автомашинасининг йўловчиси Х.Н. темир жисм билан фуқаро О.С.нинг бош қисмига уриб тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.
Изоҳ