2025 йил якунларига кўра, 224 та такси агрегатори солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Улар орқали жами 479 миллионта сафар амалга оширилган, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
Такси хизматларидан тушган умумий айланма 9,6 триллион сўмдан ошган. Шундан 6,7 триллион сўм ёки 70,2 фоизи — нақд тўловлар, 2,8 триллион сўм ёки 29,8 фоизи — нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳиссасига тўғри келади. Бир чекнинг ўртача қиймати 20,1 минг сўмни ташкил этган.
Йил давомида йўловчи ташиш орқали 100 миллион сўмдан ортиқ даромад топган ҳайдовчилар сони 15,5 минг нафардан ошган. 1 миллион сўмгача даромад олган ҳайдовчилар сони эса 159,7 минг нафар бўлиб, бу такси хизматида ишловчиларнинг кўпчилигини ташкил этади. Даромад даражалари қуйидагича тақсимланган:
- 50–100 миллион сўм — 36,9 минг ҳайдовчи;
- 10–50 миллион сўм — 143,8 минг ҳайдовчи;
- 5–10 миллион сўм — 71,8 минг ҳайдовчи;
- 1–5 миллион сўм — 146,7 минг ҳайдовчи.
Агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан 574,6 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи шуғулланади. Ҳайдовчиларнинг ярмидан кўпи — 59,1 фоизи 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролар (339 681 нафар). 30 ёшгача бўлганлар — 189 547 нафар (33 фоиз), 50 ёшдан катталар — 45 398 нафар (7,9 фоиз). Агрегаторлар орқали 4 726 нафар аёл ҳайдовчи фаолият юритмоқда.
Таксида энг оммабоп автомобиллар — Cobalt (23,7 фоиз), Nexia (20,7 фоиз) ва Lacetti (16,9 фоиз). Электромобиллар улуши 1,9 фоизни ташкил этади.
Такси хизматларида фойдаланилаётган автомобилларнинг аксарияти 3–5 йиллик бўлиб, 5–10 йиллик машиналар энг кам улушга эга.
2025 йилда такси агрегаторлари томонидан жами 128,2 миллиард сўм солиқ тўланган, шундан 63,6 миллиард сўми қўшилган қиймат солиғига тўғри келади.
Изоҳ