Куни кеча ижтимоий тармоқларда кийим-кечак дўконларидан бирининг рекламаси жойлаштирилди ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг маълум қилишича, реклама "маънавий-ахлоқий меъёрларга мос келмайдиган, шунингдек, миллий ва оилавий қадриятларга зид бўлган тасвирлар ва ибораларда" жойлаштирилган.
Шунингдек, видеоролик мазмун-моҳиятини ўрганиш давомида Республика Маънавият ва маърифат марказининг тегишли хулосаси олинди. Хулосага кўра, унинг мазмуни ва образлари умум қабул қилинган ахлоқ ва маънавият меъёрларига зид деб топилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан кийим-кечак дўкони саҳифасининг расмий эгасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган.
Қўмитанинг эслатишича, амалдаги қонунчиликка кўра, рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, умумеътироф этилган ахлоқ ва маънавият нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.
Изоҳ