Сўнгги кунларда бутун республика бўйлаб экологик рейдлар ўтказилаётганига қарамай, Ўзбекистонда ҳаво сифати кескин ёмонлашгани кузатилмоқда. iQair портали маълумотларига кўра, 30 январь куни пойтахт ҳаво ифлосланиши бўйича жаҳон рейтингида яна биринчи ўринни эгаллади.
Экология вазирлиги ҳаво сифатининг ёмонлашиши об-ҳаво шароити, яъни шамолнинг йўқлиги (штил), шамол тезлигининг пастлиги ва ҳарорат инверсиясининг шаклланиши билан боғлиқлигини маълум қилди.
"Тунги ва эрталабки соатларда ҳарорат инверсияси шаклланган бўлиб, совуқ ҳаво қатлами ер юзасига яқин жойлашган, илиқ ҳаво эса юқори қатламларда сақланиб қолган. Натижада атмосферага ташланаётган майда дисперс заррачалар ер қатламларида "қамалиб" қолиб, маълум вақт шаҳар ҳавосида ушланиб қолган," - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, эрталабки соатларда туман кузатилган, бу эса ҳаводаги майда аэрозоль заррачалар концентрациясининг ошишига хизмат қилган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, туман пайтида юқори намлик туфайли PM2.5 атмосферада узоқроқ сақланиб қолади ва ифлосланиш даражаси янада ошади.
"Махсус комиссия туну кун экологик рейдлар ва мониторинг тадбирларини давом эттирмоқда," - дейилади хабарда.
Изоҳ