Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳририни давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатда фуқароларга телекоммуникация хизматларидан фойдаланишда янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган бир қатор янгиликлар мустаҳкамланган.
Хусусан, хизмат кўрсатишни давом эттириш учун шахсий ҳисобварағидаги маблағлар етарли бўлмаган тақдирда мобил алоқа оператори ва абонент ўртасидаги шартномани бекор қилиш (рақамни нофаол ҳолатга ўтказиш) муддати 2 ойдан 1 йилгача узайтирилади.
Шунингдек, абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тарифга бепул алмаштиришлари мумкин бўлади, фойдаланувчиларнинг алоҳида тоифалари ёки чекланган ҳудудлар учун ишлаб чиқилган махсус тарифлар бундан мустасно.
Амалдаги тарифлар шартлари ўзгарган тақдирда, абонентлар камида 15 кун олдин ОАВ, операторнинг расмий веб-сайти ёки СМС-хабарномалар орқали хабардор қилиниши шарт.
Аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида хизмат кўрсатиш шохобчасига бориш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга яшаш манзили бўйича сайёр хизмат кўрсатиш, олис ва чекка аҳоли пунктларида сайёр хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади.
Изоҳ