Norma.uz портали хабарига кўра, жорий йилнинг 1 февралидан миллий қонунчиликда қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:
1. Ташаббусли лойиҳа қийматининг 50 фоизини молиялаштиришда аҳоли иштирок этган тақдирда, қолган қисми республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бундай лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилади.
2. "Ёшларнинг ягона электрон платформаси" ахборот тизими ишга туширилади, унинг вазифалари орасида ёшларнинг қизиқишларини аниқлаш бўйича ижтимоий сўровлар ўтказиш, ёшлар учун амалдаги имтиёзлар, преференциялар ва имкониятлар тўғрисида маълумот бериш киради.
3. "Ёшлар дафтари" доирасида ижтимоий ёрдам олиш учун ариза бериш ва кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар Ёшларнинг ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади.
4. "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ва Камбағал оилалар реестри негизида Ягона ижтимоий реестр иш бошлайди. У "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" АТда ижтимоий қўллаб-қувватланадиган оилаларни (шахсларни) аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини баҳолаш учун юритилади.
5. "Давлат таъминотидаги оила" тоифасига кирувчи оилалар учун ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади.
6. Оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш, тоифаларини белгилаш ва чиқариб ташлаш билан боғлиқ низоларни тезкор ҳал этиш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида Апеллатсия кенгаши ташкил этилади.
7. Зўравонлик оқибатида оиладан ажратиб олинган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади.
8. Хорижий фуқаролар томонидан илгари сотиб олинган товарлар учун тўланган ҚҚС суммасини Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.
9. Жисмоний шахсларга ИД-карта бирламчи расмийлаштирилаётганда унинг чипига киритиладиган ЭРИ сертификатини бериш бепул амалга оширилади.
10. "А" ва "В" тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий дастурининг назарий қисмини мустақил равишда ўрганишлари мумкин бўлади.
11. Президент қарори билан берилган чегирмалардан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари - заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча талаблар белгиланди.
12. "Китоб - маърифат манбаи" дастури ишга туширилиб, давлат органларининг китоб ва китобхонлик маданияти тўғрисидаги рекламалари ижтимоий реклама сифатида эътироф этилади.
13. Ташувчилар туман марказларини олис ҳудудлар билан боғловчи норентабел мунтазам микроавтобус йўналишларининг зарарларини қоплаш учун ЯИДХПга аризалар тақдим этадилар. Аризалар UzTrans томонидан кўриб чиқилади, хизмат бепул.
14. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса учун тўлов миқдори 50 фоизга камайтирилиб, бир туркумдаги объектлар бўйича илмий хулосалар фақат бир марта берилади.
15. Умумий вазни 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари, махсус транспорт воситалари, юридик шахсларга тегишли бўлган йўналишсиз таксилар, антиқа автомототранспорт воситалари учун алоҳида сериядаги давлат рақами белгилари жорий этилади.
16. 50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади, улар давлат реестридан чиқарилади.
17. Кам таъминланган оилалар реестрига киритилган ёшлар давлат билан қўшимча моддий ёрдам ва имтиёзлар олишни назарда тутувчи ижтимоий контракт тузиши мумкин бўлади.
18. Lex.uz орқали "ақлли тарғибот" шаклидаги "проактив қонунчилик" тамойили жорий этилиб, тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг soliq.uz тизимидаги шахсий кабинетига уларнинг фаолият турига оид янги НҲҲ тўғрисидаги маълумотларни юборишни назарда тутади.
19. НКМК ва ОКМК томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металларни биржа савдоларида тадбиркорлик субъектларига сотишда чегирма бериш тугатилади.
Изоҳ