Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, 16 январь ҳолатига чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун 87,5 млрд сўм қарздорлиги бўлган 873 990 нафар абонентга огоҳлантириш СМС-хабарномалар юборилган.
Абонентларга қарздорликни тўлаш учун 5 кун муддат берилган бўлиб, 7,4 млрд сўм тўланган.
Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун 14,8 млрд сўм қарздорлиги бўлган 151 202 та абонентга электр энергияси учун тўловлар бўйича чеклов жорий этилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу чеклов қарздорлик тўлиқ қоплангандан сўнг дарҳол олиб ташланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг февраль ойида чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўлов интизоми тартиби ўрнатилган эди. Унга кўра, қарздорлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойнинг 3-санасига қадар Чиқиндиларни бошқариш агентлигининг "Тоза макон" электрон биллинг тизимидан "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ биллинг тизимига узатилади.
Мазкур тартиб 2025 йил 30 июнга қадар ҳосил бўлган қарздорликларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Аввалроқ, январь ойи ўрталарида Ўзбекистонда чиқинди ташиш бўйича қарздорлиги бор абонентларни оммавий СМС-огоҳлантириш бошлангани ҳақида хабар берган эдик. 16 январь ҳолатига кўра, қарийб 119 минг фуқаро бундай огоҳлантириш олган.
Изоҳ