Бугун, 13 декабрь куни президент хорижий тажриба ва қўшинларни тайёрлашнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган Махсус операциялар кучларининг янги полигонига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари Матбуот хизмати.
Полигон махсус бўлинмаларнинг самарали тайёргарлигини ташкил этиш имконини беради. Унинг объектларида шахсий таркибнинг жанговар кўникмаларини такомиллаштириш ва самарали тайёргарлиги, маънавий-руҳий барқарорлигини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Давлатимиз раҳбари жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотларини ташкил этиш бўйича янги методикалар билан танишди, Қуролли Кучлар бўлинмалари билан ўтказилаётган машғулотларнинг фаол қисмини кузатди.
Ўқув машғулотлари давомида турли қўшин турлари бўлинмаларининг жанговар имкониятлари ва биргаликда жанговар қўллашнинг эришилган уйғунлик даражаси, шунингдек, қўшинлар ва қурол-яроғларни бошқаришнинг янги рақамли тизимлари намойиш этилди.
Шунингдек, турли жанговар операцияларни амалга оширишда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишнинг самарали усул ва йўллари, турли ўқув-жанговар вазифаларни бажариш давомида ҳаво десанти, артиллерия, авиация, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва қуруқликдаги қўшинларнинг биргаликдаги ҳаракатлари кўрсатиб ўтилди.
Замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда кичик командирларнинг мустақил қарор қабул қилиш кўникмалари ва бошқарув маҳорати даражасини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг жанг майдонидаги тез ўзгарувчан жанговар вазиятда замонавий қурол-яроғ ва техникаларни самарали қўллаш маҳорати ҳам эътироф этилди.
Машғулотлар якунида Шавкат Мирзиёев бўлинмаларнинг тайёргарлиги ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг эришилган даражасини юқори баҳолади. Қуролли Кучлар қўмондонлик таркиби билан суҳбатда бугунги таҳликали замонда Қуролли Кучлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш амалга оширилаётган ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг асосини ташкил этиши лозимлигини таъкидлади.
Изоҳ