Ўзгаришлар Меҳнат кодекси, «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги янги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори нормаларига асосланган.
Меҳнат кодексининг 404-моддасига мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланади. Ушбу норма ижроси доирасида 2025 йил 9 декабрда «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солади ҳамда минимал суғурта стажи, тўлов муддатлари ва тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилашини назарда тутади.
Ушбу қонун асосида 2025 йил 17 декабрда Ҳукумат қарори қабул қилиниб, меҳнатга лаёқатсизлик, шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги янги низом тасдиқланди. Ҳужжат суғурталанган шахснинг суғурта стажига қараб нафақа миқдорини дифференциаллашган тарзда белгилайди.
Жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани ҳисоблашда қуйидаги коэффициентлар қўлланилади:
— суғурта стажи 10 ойдан 24 ойгача бўлганда — ўртача иш ҳақининг 75 фоизи;
— 25 ойдан 60 ойгача — 85 фоизи;
— 61 ой ва ундан ортиқ бўлганда — 100 фоизи.
Агентликда таъкидланишича, янги тартиб Меҳнат кодексига зид эмас, чунки нафақанинг минимал миқдори ўртача иш ҳақининг камида 75 фоизи даражасида сақлаб қолинган. Шу билан бирга, қонунга мувофиқ, тайинлаш ва тўлашнинг аниқ механизмлари Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киради.
Қайд этилишича, давлат ижтимоий суғуртаси тизими орқали тўланадиган нафақалар ўз ҳуқуқий табиатига кўра ижтимоий ёрдам эмас, балки суғурта тўловлари ҳисобланади. Уларни олиш ҳуқуқи тизимда иштирок этиш ва суғурта бадалларини тўлаш орқали шаклланади.
2026 йил 1 январга қадар ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар амалда асосан бюджет ташкилотларида тўланган ва иш берувчининг тўғридан-тўғри мажбурияти сифатида қараб келинган. Бу амалиёт суғурта бадаллари билан нафақа олиш ҳуқуқи ўртасидаги боғлиқликни таъминламаган ҳамда айрим ҳолларда суиистеъмолларга — хусусан, нафақа олиш мақсадида меҳнат муносабатларини қисқа муддатга расмийлаштиришга олиб келгани қайд этилмоқда.
Айнан шу каби хавфларни олдини олиш мақсадида янги тизимда минимал суғурта стажи жорий этилди. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, бу механизм барча расмий ишлаётган фуқаролар учун тенг шарт-шароитларни таъминлаш, тизимнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва суиистеъмолларнинг олдини олишга қаратилган.
Шу билан бирга, ўзгаришлар аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини чекламаслиги алоҳида таъкидланади. Аксинча, улар расмий бандликни ва ижтимоий суғурта тизимида узлуксиз иштирок этишни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, бу янада барқарор ва узоқ муддатли ижтимоий кафолатларни таъминлайди.
Таққослаш учун, аввал ҳам хусусий секторда стажга оид талаблар мавжуд бўлгани қайд этилади: нафақа олиш учун камида олти ойлик узлуксиз меҳнат стажи талаб этилган, тўлов миқдори эса ўртача иш ҳақининг 75 фоизини ташкил этган. Шунингдек, минимал суғурта стажини белгилаш амалиёти халқаро тажрибага ҳам мос келади.
Хусусан, Франция, Япония, Қозоғистон, БАА, Хитой ва бошқа қатор ривожланган ҳамда ривожланаётган мамлакатларда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа олиш учун 10 ойдан 12 ойгача суғурта ёки меҳнат стажи талаб этилади.
Янги тартиб, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг №102 «Ижтимоий таъминотнинг минимал нормалари тўғрисида» ва №183 «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги конвенциялари талабларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу ҳужжатлар тизим барқарорлигини таъминлаш ва суиистеъмолларнинг олдини олиш мақсадида минимал стаж белгилашга йўл қўяди.
Изоҳ