Ушбу ҳолат Самарқанд вилояти Пайариқ тумани тиббиёт бирлашмасида содир бўлган. 4 ой олдин турмушга чиққан келин касалхонага қайнонаси билан бирга келган. У овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилган ва тозалаш ҳукнаси ўтказишни талаб қилган, шу билан бирга тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишдан қатъиян бош тортган.
Беморнинг шубҳали хатти-ҳаракатлари шифокорни хавотирга солиб, уни ультратовуш текширувига юборган, бироқ келин бу муолажадан ҳам бош тортган.
Шундан сўнг бемор ҳамшира ҳамроҳлигида муолажа хонасига юборилган. У ерда ўзини ёлғиз қолдиришларини сўраган. Бироз вақт ўтгач, тиббий ходимлар ахлат челагида янги туғилган чақалоқнинг жасадини топишган.
Тиббиёт муассасаси ходимларининг сўзларига кўра, ҳодисадан сўнг аёл касалхонани ҳеч кимда шубҳа уйғотмасдан тарк этган.
Беморнинг шахси видеокузатув камералари ёрдамида зудлик билан аниқланган. Дастлаб у бунга алоқадорлигини рад этган, бироқ кейинги тиббий текширувлар туғруқ фактини тасдиқлаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, топилган чақалоқ ўз вақтида туғилган, тўққиз ойлик, ўғил бола бўлган.
Вилоят ИИБ мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд-тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилди. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ