Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Олий Бош Қўмондон истиқболдаги энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилади.
"Ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шартидир," - деди президент.
Муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарурлиги қайд этилди.
Жумладан, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.
Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, "Бир миллион дастурчи" ва "Беш миллион сунъий интеллект етакчиси" дастурлари доирасида ўқитилади.
Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларини бевосита ўз ҳарбий қисмида топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафига қабул қилинган ҳарбий хизматчилар муддатли ҳарбий хизматни тугатгандан сўнг олий таълим муассасасида ўқишни бошлайди.
Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида ўқиш истагини билдирган ёшларга чет тили ва мутахассислик фанлари бўйича сертификат олиш харажатлари қоплаб берилади. Шартнома асосида ўқишга кирган тақдирда фоизсиз таълим кредити берилади.
Бундан ташқари, ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар бандлигини таъминлашда алоҳида имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларга кредит харажатларининг 6 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
Давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшларга Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовлари балларидан 10 фоиз имтиёз бериш амалиёти жорий этилади. Хусусий секторда ишламоқчи бўлган ёшларга касб ўрганиш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади.
"Бир сўз билан айтганда, “муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўли”га айланиши керак," - деди президент.
Изоҳ