Дзюдо бўйича Тошкентда бўлиб ўтган "Катта дубулға" туркумига кирувчи турнирда -100 кг вазн тоифасида Эрназар Сарсенбаев ва +100 кг вазн тоифасида Алишер Юсупов кумуш медални қўлга киритди. Иккала спортчи ҳам ўз вазн тоифаларида финалга чиқди, аммо ҳал қилувчи баҳсларда рақибларига мағлуб бўлиб, турнирнинг вице-чемпионига айланишди. +78 кг вазн тоифасида учинчи ўрин учун кечган баҳсда Умида Нигматова бронза медалини қўлга киритди.
Аввалроқ, мусобақанинг илк кунида -57 кг вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган Шукуржон Аминова терма жамоага олтин медални тақдим этганди. -60 кг вазн тоифасида Достон Рўзиев бронза медалига сазовор бўлган эди.
Иккинчи кунги баҳсларда Шаҳрам Аҳадов (-73 кг) кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Элбек Тожиэв (-73 кг) ва Муроджон Йўлдошев (-81 кг) бронза медалини қўлга киритди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа якунида битта олтин, учта кумуш ва тўртта бронза медалини қўлга киритиб, мусобақанинг умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ