Аввалроқ, Қирғизистондан олиб кирилган 80 дона iPhone 16 Pro телефонини тегишли тартибда расмийлаштирмасдан, 5 минг доллар ва iPhone 16 Pro телефони эвазига телефонларни постдан ноқонуний ўтказиб беришни ваъда қилган божхона пости бошлиғи қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.
Жиноят ишлари бўйича Қува туман судида божхона постининг собиқ раҳбарига нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Иш ҳужжатларига кўра, мансабдор шахснинг ўзи фуқарога ноқонуний таклиф билан мурожаат қилган. У Қирғизистондан мобил телефонларни олиб киришда катта фойда олиш мумкинлигини айтиб, моддий рағбатлантириш эвазига ёрдам кўрсатишга қодирлигини таъкидлаган.
Фуқаронинг мурожаати асосида тезкор тадбир ўтказилди. Айбланувчи 80 та телефонни ҳеч қандай текширувсиз ва божхона тўловларини тўламасдан ўтказиб юбориш эвазига 5 минг АҚШ доллари ва совға сифатида мобил телефон олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Суд ҳукми билан судланувчи ЖКнинг 210-моддаси 1-қисмида (пора олиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан уч йил муддатга Божхона қўмитаси тизимида ҳамда давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Изоҳ