Ижтимоий тармоқларда фуқаролар DMED электрон рецептлар ахборот тизимига бириктириш учун жорий йилнинг 31 декабрига қадар поликлиникаларга паспорт ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома билан мурожаат қилиши кераклиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Акс ҳолда, тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
"Бугунги кунда республика аҳолисининг 37,7 млн нафари DMED тизимига бириктирилган ва уларнинг электрон тиббий карталари тўлиқ шакллантирилган. Фуқароларни тизимда қайта рўйхатдан ўтказишга ҳеч қандай зарурат йўқ," - дейилади вазирлик хабарида.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида (поликлиника ва тиббиёт пунктлари бўлимларида) аҳолига давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул тиббий ёрдам кўрсатилади.
Қайд этилишича, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўрикдан ўтиш ва оилавий шифокор ёки тиббий бригадага мурожаат қилиш талаб этилади (шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолатлари бундан мустасно).
Бунда оилавий шифокор даволаш ва диагностика стандартларига мувофиқ тор доирадаги мутахассисга, зарур ҳолларда эса стационарга электрон йўлланма беради. Ушбу йўлланма асосида бемор соҳа мутахассиси кўригидан ўтади ёки шифохонага ётқизилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукумат Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаган эди. Йўлланмасиз режали ёрдам сўраб келган беморларга пуллик асосда хизмат кўрсатилади. Шу билан бирга, пуллик хизматларга, агар улар бепул ёрдам сифати ва ҳажмини ёмонлаштирмаса, рухсат берилади.
Изоҳ