Ижтимоий тармоқларда Паркент тумани "Қайилма" маҳалласида иссиқхона атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги қонунчилик нормаларини бузган ҳолда фаолият юритаётгани ва ҳавони ифлослантираётгани ҳақида мурожаат тарқалди.
Ҳолат Давлат экологик назорат инспекцияси ва Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганиш давомида иссиқхонадаги ҳолат мурожаатда таъкидлангани аниқланди. Ҳозирда иссиқхона тўрт қозонхонасида фильтр ускунаси носоз ҳолатда ишлаётганлиги маълум бўлди.
Ишчи гуруҳ маълумотига кўра, ушбу ҳолатнинг келиб чиқишига ёғингарчилик натижасида кўмир урнасига сув тўпланиб қолгани, натижада кўмир тўлиқ ёнмагани, ўрнатилган фильтрнинг самарадорлиги етарли бўлмагани сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан иссиқхона раҳбарига нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Бундан ташқари, Паркент туманидаги яна бир иссиқхонада ўрнатилган фильтр носозлиги аниқланиб, корхона раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилди. Унга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ