Тошкентда эркак ўз ихтиёри билан ўқотар қурол ва 1600 дан ортиқ ўқ-дориларни топширди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.
Эркак Тошкент шаҳар ИИББга қўнғироқ қилиб, уйни таъмирлаш чоғида ертўладан қурол ва ўқ-дориларни топиб олганини ва уларни ўз ихтиёри билан ички ишлар органларига топшириш ниятида эканлигини маълум қилган.
Мазкур мурожаат юзасидан тезкор бўлинмалар ходимлари унинг яшаш хонадонини кўздан кечирган. Ертўладан 1 дона РГД-5 русумли қўл гранатаси, 1 дона TOZ-8 русумли ўқотар қурол, 1 дона IJ-27Е русумли ўқотар қурол, портлатиш мосламаси, 5 дона қўл гранат запали, 1 дона электродетонатор билан унинг портловчи шнури, 546 дона турли русумдаги жанговар ўқ-дорилар, 1100 дона пневматик қурол учун ўқлар ҳамда ўткир тиғли кесувчи жисмлар топилган.
Аниқланишича, топилган қурол, ўқ-дори ва портловчи моддалар ушбу фуқаронинг марҳум отасига тегишли бўлган. У илгари Мудофаа вазирлигининг турли бўлинмаларида хизмат қилган ва Қуролли Кучлар академиясидан нафақага чиққан.
ИИВ эслатишича, ушбу буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахсларга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.
Қурол ва ўқ-дориларни қонунга хилоф равишда сақлаш, олиб юриш ёки ихтиёрий равишда топширишдан бош тортиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ЖКнинг 248-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик - икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ