Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги наркология лабораторияси фаолиятига чек қўйилди.
"Хавфсиз ва соғлом юрт" тадбири давомида пойтахтнинг Яшнобод туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган муқаддам ЖКнинг 276-моддаси билан судланган шахс ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 2006 йилда туғилган фуқаро қўлга олиниб, улардан 507 дона "Прегабалин" ва 52 дона "Тропикамид" кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Улар ижарага олган ушбу хонадонда нарколаборатория ташкил этганликлари аниқланиб, 4 кг 326 гр кукун кўринишидаги "Прегабалин" моддаси, 200 гр "Тропикамид" ва кучли таъсир қилувчи моддаларни тайёрлашда фойдаланиладиган 71 кг кимёвий моддалар, шунингдек, уларни қадоқлаш учун керак бўладиган флакон ва капсулалар ҳужжатлаштириб олинди.
Қайд этилишича, қўлга олинган шахслар гиёҳвандлик лабораторияси фаолиятини эндигина йўлга қўйиб, ўзлари тайёрлаган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарқатишга улгурмаган. Шу тариқа 208 минг доза гиёҳвандлик воситаларининг муомалага киритилишининг олди олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 251-1-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар бўлмаган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд шундай моддалар ёки заҳарли моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.
Изоҳ