Бугун, 6 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференцияси ташкилотнинг янги бош директори этиб мисрлик Холид ал-Энанийни сайлади, деб ёзади "Дунё" АА.
ЮНЕСКОнинг 12-бош директори бўлган Холид ал-Энани 174 та бюллетендан 172 тасини олди. У 15 ноябрь куни тўрт йиллик муддатга ўз лавозимига киришади.
Қайд этилишича, у ташкилотнинг араб мамлакатидан бўлган биринчи раҳбари ва Африканинг иккинчи вакили ҳисобланади.
Холид Аҳмад Эл-Энани Али Эзз 1971 йилда туғилган. У таниқли мисршунос ва Хелуан университетининг мисршунослик профессори бўлиб, у ерда 30 йилдан ортиқ вақт давомида дарс бериб келмоқда.
2014-2016 йилларда Миср цивилизацияси миллий музейи, шунингдек, Қоҳирадаги Миср музейини бошқарган. 2016 йилдан 2022 йилгача у Мисрнинг қадимий ёдгорликлар вазири, кейин эса туризм ва қадимий ёдгорликлар вазири лавозимларида ишлаган. 2024 йил ноябрь ойида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти уни маданий туризм бўйича махсус элчи этиб тайинлади ва кейинчалик у Африка Жаҳон мероси жамғармасининг ҳомийсига айланди.
Ал-Энани бир қатор халқаро илмий жамиятлар аъзоси, араб, француз ва инглиз тилларини билади ва бир нечта халқаро мукофотларга сазовор бўлган.
У бу лавозимда 2017 йилдан бери ЮНЕСКОга раҳбарлик қилиб келган Одри Азуле ўрнини эгаллади.
Изоҳ