34 ёшли Зохран Мамдани сайловларда дастлабки натижаларга кўра 50,35 фоиз овоз билан ишончли ғалабага эришиб, Нью-Йоркнинг янги мери бўлди, дея хабар бермоқда dw.com нашри.
Унга кўра, Зохраннинг энг яқин рақиблари республикачи Кёртис Слива ва мустақил номзод Эндрю Куомо мос равишда 7,14 ва 41,6 фоиз овоз тўплади.
Мамданийнинг сиёсий карераси 2020 йилда Нью-Йорк штати ассамблеясига сайланганида бошланган. Унинг мэрлик имкониятлари ҳақидаги дастлабки шубҳали башоратларга қарамай, у Демократик партиядан 56,4 фоизлик натижа билан праймеризда ишончли ғалаба қозонди. Мамдани ўз кампаниясида кам таъминланганларга ёрдам бериш бўйича олдинги иши билан боғлиқ бўлган арзон уй-жой муаммоларига эътибор қаратди.
"Америка Демократик Социалистлари" аъзоси сифатида Мамдани бойлар учун солиқларни ошириш ва энг кам иш ҳақини 2030 йилгача соатига 30 долларга ошириш тарафдори. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида бепул таълим бериш, автобусларда бепул юришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Мамдани кўплаб сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига қарамай, танқидларга дуч келади. Баъзилар унинг сиёсий қарашларини, айниқса фаластинликлар ҳуқуқлари бўйича фаол позициясини қутблаштирувчи деб ҳисоблашади. Раввин Эллиот Косгроув Мамдани бошчилигидаги Нью-Йоркдаги яҳудий ҳамжамиятининг хавфсизлигидан хавотир билдирди. Бироқ кўплаб яҳудийлар ҳам янги мерни қўллаб-қувватламоқда.
Бизнес ҳамжамияти ҳам хавотир билдирмоқда. Миллиардер Билл Экман Мамдани сиёсати шаҳардаги иш ўринларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Нью-Йоркда туғилган Дональд Трамп ҳам норозилигини яширмаяпти ва агар Мамдани ғалаба қозонса, шаҳар учун федерал молиялаштиришни чеклаш билан таҳдид қилмоқда.
Нью-Йоркда туғилиб ўсган Дональд Трамп Зохран Мамданийни ёқтирмаслигини яширмайди. Овоз бериш арафасида АҚШ президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида агар Мамдани ғалаба қозонса, Оқ уй Нью-Йоркка федерал маблағларни қонунда белгиланган минимал миқдордан ортиқ ажратмаслиги билан таҳдид қилди.
Нью-Йорк аҳолиси 8,5 миллион кишини, шаҳарга ҳар йили ташриф буюрувчилар сони эса 65 миллион кишини ташкил этиши билан бирга, бу мегаполис муҳим маданий ва молиявий марказ ҳисобланади. Унда яшаш, транспорт ва бюджетдан молиялаштириш билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжуд. Нью-Йорк мериясининг бюджети 116 миллиард долларни ташкил этади ва унинг ваколатига мактаб таълимидан тортиб полициягача бўлган кенг кўламли масалалар киради.
Изоҳ