Маълумотларга кўра, видеоларни @suhrob_66kg (Суҳроб Мирзавалиев) номли фойдаланувчи ўз саҳифасида жойлаштирган. У ўзини Олмалиқ шаҳридаги ММА бўйича профессионал жангчи ва мураббий сифатида таништиради. Тарқалган лавҳаларда у болаларни пластик таёқ билан ургани, болалар эса йиғлаб, тўхтатишни сўраётгани кўринади.
Гувоҳларнинг айтишича, мазкур мураббийнинг шогирдлари асосан мактабгача ёшдаги болалар ва бошланғич синф ўқувчилари. Видеоларда кўринишича, жисмоний куч нафақат машғулотлардаги хатолар учун, балки мактабда ўзлаштирмаслик, уйдаги тартибсизлик учун ҳам "жазо" сифатида қўлланилади.
Айрим видеоларда эса болаларнинг ота-оналари юборган аудио хабарларга кўра, улар болаларини "тарбиялаш"ни сўраб, мураббийга ўз фарзандларини жазолашни топширишган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлмоқда, чунки бу болаларга нисбатан зўравонликни "тарбия" ва "интизом" деб оқлашга уриниш сифатида баҳоланмоқда.
Жамоатчилик орасидаги кучли танқиддан сўнг, видеолар мураббийнинг саҳифасидан ўчириб ташланган.
Фойдаланувчилар болалар омбудсмани, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурадан бу ҳолатни текширишни ва мураббий ҳамда буни қўллаб-қувватлаган ота-оналарнинг қилмишига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай усуллар болаларда чуқур руҳий жараҳатлар қолдириши мумкин ва бу педагогика, спорт ҳамда қонун талабларига мутлақо зиддир.
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги хабар беришича, вазият назоратга олинган. Ҳодисани ўрганиш учун тегишли идоралар жалб қилинган. Агентликда таъкидланишича, болаларга нисбатан бундай ҳаракатлар ҳеч қандай баҳона билан, ҳатто "тарбия" ёки "ирода кучайтириш" баҳонасида ҳам, йўл қўйиб бўлмайди.
Изоҳ