Тошкентда Ўзбекистондаги энг йирик маданий-маърифий лойиҳалардан бири - Ислом цивилизацияси маркази қурилиши якунланмоқда. 20 октябрь куни президент мажмуага ташриф буюриб, музей экспозицияларини безатиш ва пардозлаш ишлари билан танишди.
Лойиҳа давлат раҳбари ташаббуси билан 2018 йилда бошланган эди. Унинг меъморий концепцияси ислом меъморчилиги анъаналари ва замонавий музей ечимларини бирлаштиради. Марказ биноси миллий услубда қурилган бўлиб, унинг тўрт томонида баландлиги 34 метр бўлган пештоқлар, марказий қисмида 65 метр баландликдаги гумбаз қад кўтарган.
Унинг ичида интерактив технологиялар билан жиҳозланган кўргазма майдонлари жойлашган. Марказий ўринни Қуръони карим зали эгаллайди, у ерда энг қадимий нусхалардан бири - Усмон Қуръони тақдим этилади. Бу ерда муқаддас матнларнинг сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар ва темурийлар даврида яратилган нодир қўлёзма нусхалари ҳамда уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари ҳам жойлаштирилади.
Марказ экспозициялари халқнинг маънавий ва илмий меросининг асосий босқичларини - исломгача бўлган цивилизация ва Уйғониш давридан ҳозирги "Янги Ўзбекистон" давригача бўлган даврни қамраб олади.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ уламоларнинг ҳаёти ва ижодига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, залларда илму маърифат ва маънавият ҳомийси бўлган Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби мўътабар зотлар фаолияти ҳам алоҳида экспозиция сифатида намойиш этилган.
Лойиҳа доирасида президент ташаббуси билан илгари хорижда бўлган ноёб тарихий ашёлар ва қўлёзмалар мамлакатга қайтарилди. Мажмуа ҳудудида халқаро тадбирлар ва илмий форумлар ўтказишга мўлжалланган 460 ўринли замонавий анжуманлар зали барпо этилган.
Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун қулай ва қизиқарли маълумотлар тақдим этиш муҳимлигига эътибор қаратди. Малакали гидлар тайёрлашни кучайтириш, ислом академиялари билан илмий ҳамкорликни кенгайтириш, экспозицияларни янги мазмун билан бойитиш борасидаги ишларни давом эттириш бўйича топшириқлар берди.
Изоҳ