Янгиҳаёт туманида боланинг ҳаётини сақлаб қолган Тошкент кимё-технология институти талабаси Муҳриддин Илашов Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов томонидан тақдирланди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар қилди.
16 октябрь куни Янгиҳаёт туманида ТКТИ талабаси Муҳриддин Илашов 4-қават балконидан пастга тушиб кетишига бир бахя қолган болани жасорат билан қутқариб, унинг ҳаётини сақлаб қолган эди. Мазкур ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди.
“Соат 11:00 атрофида эди, бирдан бақир-чақир овозлари эшитилиб қолди. Балкондан чиқиб қарадик, пастдаги қўшнимизнинг фарзанди балкондан тушиб кетиш арафасида турган экан. Чойшаб билан пастга тушмоқчи эдик, у бола жуда ҳам кичкина эди. Ҳеч қанақа ҳимоя воситаларисиз тушишга тўғри келиб қолди. Ёнимдаги шеригимга „бирор нарса бўладиган бўлса, қўлимдан ушлаб қоласан“, деб айтдим. Йўқ, Худога шукр, бўйим етар экан. Балконга тушиб олдик, болачани балкондан олдим, учта ўғил фарзанди бор экан. Учаласини ҳам олиб, уйни ичкарисига киргизиб қўйдик”, — деди йигит.
18 октябрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Муҳриддин Илашовга унинг мардлиги ва фидойилигини эътироф этиб, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғасини топширди.
“Вазир ёш қаҳрамоннинг бу иши нафақат ўзи таълим олаётган институт, балки барча ёшлар учун ибрат бўлишини таъкидлаб, ёшларда инсонпарварлик, ватанпарварлик ва жасорат туйғуларини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди”, - дейилади хабарда.
Изоҳ