Жорий йилнинг 24 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судида судланувчи Б.М.га оид суд иши кўриб чиқилди.
Судланувчи Б.М. ишлаб пул топиш мақсадида 2023 йилда Ўзбекистондан Россияга чиқиб кетиб, у ерда турли мавсумий ишларда ишлаб келиб, айни вақтда Ўзбекистоннинг фуқароси ҳисобланиб, низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахс бўлса-да, моддий манфаатдорликни кўзлаб, РФ Самара вилояти Тольятти туманида жойлашган РФ Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм сафида ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома тузиб, 2023 йилдан 2024 йилга қадар оддий аскар унвонида РФ томонидан Украинанинг вақтинча босиб олинган Луганск ва Донецк вилоятлари ҳудудида РФ Қуролли кучлари сафларида, ушбу давлат тарафини олиб, қуролли тўқнашув ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Шундан сўнг, Б.М. шахсига оид маълумотларни ва РФ ҳамда Украина ўртасидаги қуролли тўқнашув ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганлик ҳолатини яшириш мақсадида 2021 йилда Жиззах вилояти Бахмал тумани ИИБ томонидан берилган чет элга чиқиш биометрик паспортининг ички варақларини қасддан йиртиб, унга шикаст етказиб, яроқсиз ҳолатга келтириб, "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги Қонуннинг 37-моддасида кўрсатилган талабларга зид равишда, ички ишлар органлари ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик ва элчихона муассасаларига Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш бўйича мурожаат қилмасдан, РФ фуқаролигини олган.
Судланувчи Б.М.нинг ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиси эканлиги ҳақида 2024 йилда РФ МВ томонидан уруш қатнашчиси гувоҳномаси ва ҳарбий билет, РФ ички ишлар органлари томонидан 2024 йилда биометрик паспорт ҳамда чет элга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилиб берилган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Б.М. ЖК 154-моддасининг 1-қисми ва 228-моддаси 2-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Изоҳ