Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги мактаблардан бирининг директори ва депутат бўлиб ишловчи шахс бир аёлни ишга олиш учун у билан жинсий алоқада бўлиш таклифини бергани ҳақида аудио ёзув тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрнатилган тартиб асосида ўрганиб чиқилган. Бошқарма бошлиғининг 2025 йил 16 октябрдаги буйруғи билан мазкур шахс мактаб директори вазифасидан озод этилган.
“Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси педагог мақомига доғ туширувчи ҳар қандай салбий ҳолатни қоралайди ва кескин чоралар кўрилишини маълум қилади”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими қизларга интим эвазига директор лавозимини таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ