Куни кеча Тошкентда BYD автомашинаси ҳайдовчиси ва унинг отаси Gentra автомашинасининг йўлини сиқиб, «самосуд» қилгани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларга тарқатилди. Бу ҳолат оқибатида Gentra ҳайдовчисининг ҳомиладор аёли тушиб қолгани айтилмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати изоҳ берди.
Унга кўра, ҳолат Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Муқимий кўчасида содир бўлган. Жанжалга сабаб икки ҳайдовчи йўл талашгани сабаб бўлган, дейилади ИИББ хабарида.
"Ўнг томондаги йўлдан кетаётгандим, кейин йўлнинг чап тарафига ўтдим, ортимдан BYD автомашинаси келаётганди, мен унга ҳеч қандай халақит бермаётгандим. Кейин BYD ҳайдовчиси ортимдан келиб, сигнал чалиб ваҳима қилишни бошлади. Аёлим ҳомиладор бўлганлиги учун мендан секинроқ юришимни сўради.
Шундан сўнг секинлашиб машинамни йўлнинг ўнг тарафига олдим. Шундан сўнг BYD ҳайдовчиси мени сиқиб тўхтатди ва ҳайдовчининг ўғли автомашинадан тушиб машинамни ойнасини тепиб синдириб мени урди, кейин отаси ҳам келиб уришни бошлади. Ўша ҳолатда аёлим ҳомиладорлигини айтсам ҳам келиб уришни бошлади. Унинг айтишича мен уни йўлига чиқиб сиқиб қўйган эканман. Аслида ундай бўлмаган. Агарда шундай бўлганда узр сўраб кетган бўлардим. Гапиришимга умуман имкон бермади," - деди жабрланувчи.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳолат содир бўлганидан кейин Gentra автомашинаси ҳайдовчисининг аёлининг ҳомиласи нобуд бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ушбу шахсларга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчининг ҳомиласи тушганлиги аниқланганлиги сабабли ҳомиланинг тушиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Тергов жараёнида экспертиза хулосаси натижасига кўра гумонланувчиларнинг ҳаракатларига қўшимча ҳуқуқий баҳо берилади. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ