Бугун, 15 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 62 нафар судланувчи) нисбатан қўзғатилган жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриш якунланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суд қарори билан А.Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Шунингдек, унга 3 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 400 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
"Суд жараёнида етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани сабабли шундай қарорга келинди. ЖК 167-моддаси 4-қисмига мувофиқ, етказилган зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Ҳисоб рақамига қўйилган депозит маблағлари давлат даромадига ўтказилади," - дейилади хабарда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг собиқ директори Ҳусниддин Каримовга 3 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Қолган 60 нафар судланувчига қуйидаги жазо турлари тайинланди:
• 9 нафар шахс озодликдан маҳрум этилди,
• 51 - озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрь ойида Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилганди. Ўша йилнинг декабрь ойида унга нисбатан жуда кўп миқдорда талон-тарож қилиш ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда зарар етказиш айблови қўйилган.
Изоҳ