11 сентябрь куни Гонконгда бўлиб ўтган "Бир макон, бир йўл" саммити доирасида Uzbekistan Airports ва Гонконг халқаро аэропорти раҳбарияти ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар бермоқда.
Битим Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш, шунингдек, аэропорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Ҳужжат, шунингдек, бошқарув тажрибаси алмашиш, операцион фаолият самарадорлиги ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, Гонконг халқаро авиация академияси (HKIAA) дастурлари орқали кадрлар тайёрлаш ва ўқитиш, шунингдек, авиация соҳасини барқарор ривожлантириш бўйича қўшма ташаббусларни амалга оширишга қаратилган.
"Меморандумнинг имзоланиши тўғридан-тўғри авиақатновларни ривожлантириш ва авиация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очади. Ушбу келишув Ўзбекистоннинг глобал авиация тармоғига интеграциялашувида муҳим қадам бўлиб, йўловчилар оқимининг ўсиши, туризмни ривожлантириш ва мамлакатнинг транспорт-логистика салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади," - деди Uzbekistan Airports бошқаруви раисининг операцион фаолият бўйича биринчи ўринбосари Салоҳиддин Носиров.
Қайд этилишича, бугунги кунда Гонконг халқаро аэропорти дунёнинг 200 дан ортиқ йўналишларига хизмат кўрсатади. HKIAA'да 140 га яқин авиакомпания парвозларни амалга оширади.
Изоҳ