Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили девонига эҳтиётсизлик оқибатида катта миқдордаги пул маблағидан маҳрум бўлган фуқаро М.П. мурожаат қилди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар бермоқда.
М.П.нинг сўзларига кўра, 2024 йил декабрь ойида ўзини Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходимлари деб таништирган шахслар уни 170 минг АҚШ долларини криптовалюта орқали ўтказишга кўндирган. Бунинг учун у машинаси ва уйини сотган, жамғармаларини сарфлаган ва ҳатто қарзга ҳам ботган.
2024 йил декабрь ойида М.П. Киберхавфсизлик марказига расман мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Омбудсман ташаббуси билан суриштирув ўтказилиб, Киберхавфсизлик бош бошқармаси крипто-дўкондан М.П. фойдасига 115 минг АҚШ доллари (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) ундиришга муваффақ бўлган.
Омбудсманга кўра, фирибгарлик ҳолатлари бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда, бироқ аксарият ҳолларда пулларни қайтариб олишнинг имкони бўлмаяпти. Шунинг учун олдиндан эътиборли бўлиш ва алданиб қолмаслик керак.
Шу муносабат билан фуқаролар қуйидагиларга чақирилди:
• ўзини ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки банк ходимлари деб таништирган, лекин шахсий рақамлардан қўнғироқ қилиб, тўлов ёки маълумот талаб қиладиган одамларга ишонмаслик;
• телефон орқали паспорт маълумотлари, ID-карта, банк карталари маълумотлари, ПИН-кодлар ва СМС-кодларни ҳеч кимга бермаслик;
• агар нотаниш одамлар криптовалюта орқали пул ўтказишни талаб қилса - дарҳол алоқани тўхтатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш;
• давлат органлари фақат расмий каналлар орқали ишлашини йодда тутиш. Шубҳали ҳолатларда расмий телефон рақамлари орқали маълумотларни аниқлаштириш керак.
Изоҳ