Бугун, 3 июнь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат қарзининг ошиши юзасидан тушунтириш берди.
Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсиш таъминланган бир шароитда ўсиб келаётган Ўзбекистон иқтисодиёти кўп маблағга муҳтож. Давлат вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатлар: биринчи навбатда инфратузилмани ривожлантириш, йўл, ичимлик суви, энергетика тармоқлари, аэропортлар, темир йўл ва умуман автомобиль йўллари, ҳамма-ҳамма масалалар ва мамлакат мудофаа қобилияти ҳамда чегаралар хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ каби харажатлар ташқи қарз ҳисобига ҳам молиялаштиришни тақозо этади.
Қўчқоровнинг тушунтиришича, бундан ташқари, банклар аҳолига берилаётган ипотека кредитларининг ўрнини қоплаш учун четдан пул олади. Бу ҳам ташқи қарзнинг ошишига олиб келади.
Вазирга кўра, давлат қарзининг қолдиғи 24 йил якунига 40.2 триллион АҚШ долларини ташкил этган. Бундан давлат ташқи қарзи 33.7 триллион доллар ва ички қарзи 6.5 миллиард АҚШ доллари эквивалентида. Бу дегани жами қарздорлик ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўтган йилнинг якунларига биноан 35% ни ташкил этди. Халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистоннинг қарзи мўътадил даражада ҳисобланади.
"Иккинчидан, ўзларингиз яхши биласизлар, "Давлат қарзи тўғрисидаги қонун"да давлат қарзининг энг юқори миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60% дан ошишига йўл қўймаслик. Бу сизлар тасдиқлаган қонун билан қабул қилинган. Раҳбарият томонидан бу масалага, яъни, ҳар бир доллар қарз олишга ниҳоятда синчковлик билан қаралади.
Мамлакатимиздаги шаҳарлар борми, қишлоқлар борми, маҳаллаларми, ҳаммаси обод бўлиб келаётгани, яъни, харажатларнинг маълум бир қисми мана шу ташқи қарз ҳисобига амалга оширилади. Буни ҳеч қандай бир уятли жойи ҳам йўқ, агар шунақа сўз жоиз бўладиган бўлса, буни муаммоли ҳоли ҳам йўқ. Чунки қарз ошди деб гапирадиган одам шу билан бирга Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ҳам бугунги кунда 115 миллиард долларга етганини ҳам айтиб ўтиш керак.", - дейди иқтисодиёт ва молия вазири.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,2 миллиард долларга ошиб, 42,43 миллиард долларни ташкил қилди.
Изоҳ