Пойтахтнинг бир қатор туманларида тўлиқ ҳужжатлар тўпламига эга бўлмаган 59 та объектда қурилиш ишлари бутунлай тўхтатилди, объектлар электр таъминотидан узиб қўйилди. Қурилиш майдонларида назорат ва мониторинг ишлари давом эттирилмоқда, ҳар бир қонунбузарлик ҳолати бўйича қонуний чоралар кўрилади, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати.
Таъкидланишича, сўнгги ойларда Тошкентда айрим қурувчилар томонидан қурилиш меъёрлари ва қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари кўплаб аниқланди. Баъзилари зарур рухсат берувчи ҳужжатлар, экспертиза хулосалари ва техник маълумотномаларни олмасдан қурилишни бошлаб, фуқароларга ноқонуний равишда уй-жой сотишга уринишган.
Ҳокимлик аҳолини уй-жой харид қилишда ниҳоятда эҳтиёткор бўлишга чақириб, қуйидаги тавсияларни берди:
- сотиб олаётган кўчмас мулкингизга оид барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини (кадастр, экспертиза хулосалари ва кенгаш қарорлари, техник кўрик далолатномаси) талаб қилинг ва уларни синчковлик билан текширинг;
- сотувчиларга пулни нақд ёки норасмий йўллар билан берманг, шартноманинг барча бандларини диққат билан ўрганиб чиқинг;
- қурувчи ёки объектнинг қонунийлиги хусусида озгина шубҳа туғилса, шунингдек, компания ҳужжатларни тақдим этишни пайсалга солса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий ботига мурожаат этинг. Сизга объектнинг қонуний мақоми ҳақида маълумот берилади.
“Ҳурматли тадбиркорлар ва қурувчилар! Қурилиш ёки савдо фаолиятини бошлашдан аввал, барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириб олинг. Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш талабларининг ҳар қандай бузилишига ва фуқаролар манфаатларига зарар етказувчи ҳаракатларга нисбатан қатъий ва муросасиз чоралар кўради”, - дейилади хабарда.
Изоҳ