Бугун, 12 декабрь куни Самарқандда келин ўзини 8-қаватдан ташлаб жонига қасд қилгани айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. UzNews.uz сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот хизмати Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.
Унга кўра, 2001 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган фуқаро М.Г. 2024 йилнинг 11 декабридан 12 декабрига ўтар кечаси соат 23:00 атрофида ўзини Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасидаги яшаш хонадонининг деразасидан пастга ташлаб, ўз жонига қасд қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ навбатчилик қисми томонидан Самарқанд шаҳар прокуратурасига берилган хабар асосида ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқишган.
Тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, ҳодиса гувоҳи бўлган шахслардан батафсил тушунтириш хатлари олинган.
Шунингдек, марҳума М.Г.нинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлиги ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши маълум қилинади.