Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида 3 нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси 2 млрд сўмга яқин алимент пулларини тўлаб берди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Матбуот хизмати.
Унга кўра, фуқаронинг алимент қарздорлиги борлиги учун унга МИБ томонидан чет давлатга чиқишга тақиқ қўйилган. Шу сабабли даволаниш учун хорижга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган ота 3 нафар 3-4 ва 6 ёшдаги фарзандларига 18 ёшгача бўлган қарздорлигини олдиндан тўлаш истагини билдирган.
МИБ давлат ижрочилари 2023 йилдан 2039 йилга қадар 3 нафар фарзандларнинг алимент тўлови 1 млрд 748 млн 902 сўм бўлишини билдиришган.
Қарздор фуқаро алимент пулларини фарзандлари вояга етгунга қадар бўлган вақт учун жами 1 млрд 748 млн 750 минг сўм алимент пулларини тўлашини билдирган ва ундирувчига тилхат асосида топширилган.
МИБ ахборот хизмати раҳбари алимент тўловчи шахсга оид маълумотларни тўлиқ очиқламади, бунга томонлар хоҳиш билдиришмабди.