Излаш
RUUZ

Сиёсат

Ўзбек депутатлар россиялик депутатнинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги таклифига муносабат билдиришди

Россиялик депутат меҳнат муҳожирлари Россияга келадиган давлатларни босиб олишни ва уларнинг аҳолисига рус тилини жойида ўргатишни таклиф қилди.

1474views0replies
0

Иномжон Кудратов / Захар Прилепин

Аввалроқ, россиялик ёзувчи, "Справедливая Россия — Патриоты — За правду" сиёсий партияси марказий кенгаши аъзоси Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россияга қўшиб олиш ва уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифи билан чиққан эди.
"Руслар қанча кўп бўлса, кўп сонли мигрантлар бизнинг юртда ўзини нотўғри тутиши билан боғлиқ муаммолар камроқ бўлади. Дарҳақиқат, мен келаётган мигрантларнинг давлатини тўлиқ қўшиб олишини ва рус тилини ўша жойда ўргатишини, масалан Ўзбекистонда, чин дилдан ёқлайман", - деди Захар Прилепин.
Ёзувчи мисол сифатида Ўзбекистоннинг икки миллион фуқароси шу ерда яшаётгани учун Россия бу ҳудудга даъво қила олишини қайд этган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов россиялик сиёсатчининг сўзларига муносабат билдирди.
"Биз билан дўстлик ришталарини боғлаб, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб келаётган Россия Федерациясидаги сиёсий партия – "Справедливая Россия – Патриоты – За правду"нинг ҳамраиси Захар Прилепиннинг урушни тарғиб қилишга қаратилган чиқиши қалбимизни ларзага солди.
"Жаноб Прилепин шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон МУСТАҚИЛ, СУВЕРЕН ДАВЛАТ. Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмайди. Аксинча, урушни тарғиб қилиш – бу жиноятдир.
Бизнинг улуғ халқимиз муқаддас ҳуқуқимиз – мустақиллигимизни ҳеч кимга, ҳеч қачон бериб қўймайди! Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли", - дейди у.
Шунингдек, россиялик депутатнинг фикрларига собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам ўз муносабатини билдирди.
"Афсуски Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти. Бу эса хавотирли. Иккинчидан, ўзбекистонликлар бошқа мақсад йўлида бирлашмаса-да, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида бирлаша оладилар", - дея ёзган Кушербаев.
Кушербаев таъкидлашича, расмий Кремль мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватни қўзғаётган бу каби шовинистларга нисбатан қонуний чоралар кўриши керак. Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади.
1474views0replies
0

Изоҳлар