Аввалроқ, Док-1 Макс сиропи бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганини хабар берган эдик.
Ўрганишлар давомида дори билан боғлиқ жиноят аломатлари маълум бўлган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситаcи Ўзбекистонда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги берган маълумотга кўра, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Ўзбекистонга ушбу препарат “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилинган.
Натижада, ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланган.
Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган.
"Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади. Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун "Док-1 Макс" сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган", - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар "Док-1 Макс" сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатган. Яъни ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.