Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентда ҳайдовчи ва ЙПХ ходимлари ўртасида жанжал юзага келгани акс этган видео тарқлади.
Ҳолат юзасидан ИИВ ЙҲХББ Матбуот хизмати маълумот берди.
Аниқланишича, бугун, 2022 йил 17 февраль куни соат 11:00 ларда Бектемир тумани ТХАЙ кўчаси ёқасида жойлашган "Қўйлиқ" қурилиш моллари бозори яқинида Equinox ҳайдовчиси тўхташ тақиқланган жойга тўхтаган.
Аммо, ҳайдовчи ЙПХ ходими огоҳлантиришига эътибор бермай бозор ичига кириб, тахминан 5-10 дақиқада автомобилининг ёнига қайтиб келган.
Шундан кейин, ЙПХ ходими ҳайдовчига мурожаат қилиб, тегишли ҳужжатларни сўраган вақтда, ҳайдовчи қонуний талабни бажармасдан автомобилини бошқариб кетган ва тахминан 500 метр масофа узоқликда хизмат олиб бораётган яна бир ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган.
Ўзаро мулоқот жараёнида ҳайдовчи ЙПХ ходимларини турли сўзлар билан ҳақоратлаб, қонуний талабни бажармасликда давом этиб, фаол қаршилик кўрсатган.
Шундан сўнг, ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчи, 1982 йилда туғилган В.П.га нисбатан МЖтКинг 128 прим 6 (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши) ҳамда 194-моддалари (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судига юборилиши чоралари кўрилмоқда.